11. ҲАРАКАТЛАНИШ ТЕЗЛИГИ

0
1637

77. Ҳайдовчи ҳаракатланишнинг серқатновлигини, транспорт воситасининг ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олиб транспорт воситасини белгиланган тезликдан оширмаган ҳолда хавфсизликни таъминловчи тезлик билан бошқариши керак.

Тезлик ҳайдовчига ушбу Қоидалар талабларини бажариш учун транспорт воситасининг ҳаракатланишини доимий назорат қилиб бориш имкониятини бериши керак.

Ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш пайтида аниқлай олиши мумкин бўлган хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини тўлиқ тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриши керак.


78. Аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 70 километрдан, тегишли йўл белгилари ўрнатилган мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига етмасдан ва ўтиб кетиб 300 метрдан кам масофада соатига 30 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар ва туманларнинг марказларида, шунингдек шаҳарлар ҳудудларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 60 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

(78-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 апрелдаги 140-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2023 й., 09/23/140/0191-сон)


79. Аҳоли пунктларидан ташқарида:

енгил автомобилларга ва рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ошмайдиган юк автомобилларига тезликни соатига 100 километрдан оширмасдан;

шаҳарлараро қатнайдиган автобусларга ва микроавтобусларга тезликни соатига 90 километрдан оширмасдан;

бошқа автобуслар, тиркамали енгил автомобиллар, мотоцикллар, рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларига тезликни соатига 80 километрдан оширмасдан;

тиркамали юк автомобилларига тезликни соатига 70 километрдан оширмасдан ҳаракатланиш рухсат этилади.


80. Ҳар қандай йўлларда:

юкхонасида одам ташиётган юк автомобилларига тезликни соатига 60 километрдан оширмасдан;

болалар гуруҳини ташкилий ташиётган транспорт воситаларига тезликни соатига 60 километрдан оширмасдан;

механик транспорт воситаларини шатакка олган транспорт воситаларига тезликни соатига 50 километрдан оширмасдан;

хавфли, оғир вазнли ва катта ўлчамли юкларни ташиётган, ташкилий жамланмада ҳаракатланаётган транспорт воситаларига ДЙҲХХ билан келишилган тезликдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари ДЙҲХХ билан келишилган ҳолда, йўл шароитлари юқори ва кичик тезликда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлайдиган ҳолларда, йўлларнинг айрим қисмлари ёки ҳаракатланиш тасмаларида ҳаракатланиш тезлигини оширишга ёки камайтиришга (тегишли йўл белгилари ўрнатиб) рухсат беради.


81. Ҳайдовчига қуйидагилар тақиқланади:

тезликни мазкур транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўрсатилган энг юқори тезликдан ошириш;

тезликни транспорт воситасига ўрнатилган «Тезлиги чекланган» таниқлик белгисида кўрсатилганидан ошириш;

зарурият бўлмаганда жуда паст тезликда ҳаракатланиб, бошқа транспорт воситаларига халақит бериш;

йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш зарурати бўлмаганда, кескин тормоз бериш.

Предыдущая статья10. ЙЎЛНИНГ ҚАТНОВ ҚИСМИДА ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ ЖОЙЛАШУВИ
Следующая статья12. ҚУВИБ ЎТИШ