26. ОДАМ ТАШИШ

0
1126

152. Одам ташиш учун мўлжалланган юк автомобилининг юкхонасида одам ташиш «C» тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган (одамлар сони кабинадаги йўловчиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 8 нафардан ортиқ бўлмаса) ва шу тоифадаги транспорт воситасини камида 3 йил давомида бошқарган ҳайдовчилар томонидан амалга оширилиши керак.

Юк транспорт воситаларининг юкхонасида ташиладиган одамлар сони кабинадаги йўловчиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 8 нафардан ортиқ бўлганда, ҳайдовчи мазкур банднинг биринчи хатбошида белгиланган талабларга қўшимча «D» тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига ҳам эга бўлиши керак.

Ҳарбий ҳайдовчиларнинг юк автомобилларида одам ташишига рухсат бериш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


153. Одам ташиш учун мўлжалланган юк автомобили юкхонасининг борти 1,3 метрдан кам бўлмаслиги шарт. Бунда юкхонанинг пастки қисмидан 0,3 — 0,5 метр баландликда маҳкамланган ўриндиқлар жиҳозланган бўлиши керак.


154. Одам ташиш учун мослаштирилмаган юк автомобилларининг юкхонасида фақат юкни олиш учун бораётган ёки уни кузатиб бораётган шахсларнинг бўлишига йўл қўйилади, бунда улар борт сатҳидан пастда ўтириш учун ўриндиқлар билан таъминланган бўлиши керак.


155. Шаҳарлараро, сайёҳлик, экскурсия ёки тоғли йўналишларда ва болалар гуруҳини ташкилий равишда ташиш Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 майдаги 424-сон қарори ҳамда 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларга мувофиқ амалга оширилади.


156. Болалар гуруҳини ташкилий ташишда автобус (микроавтобус)да катта ёшли кузатиб борувчи(лар) бўлиши шарт.

Бундай автобус (микроавтобус)ларнинг олди ва орқа томонига «Болалар гуруҳини ташиш» таниқлик белгиси ўрнатилиши керак.


157. Ҳаракатни бошлашдан олдин ҳайдовчи йўловчиларга хавфсизлик чоралари, автомобилга чиқиш, ундан тушиш ва унга жойлашиш тартиби ҳақида тушунча бериши керак.

Ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчиларни хавфсиз ташиш шароити таъминланганлигига ишонч ҳосил қилиши керак.


158. Ҳайдовчи транспорт воситаси тўлиқ тўхтагандан кейин йўловчиларнинг чиқиши ва тушишида уларнинг хавфсизлигини таъминлаши керак. Эшиклар ёпилгандан сўнг ҳаракатланишни бошлаши ва тўлиқ тўхтамагунча уларни очмаслиги шарт.


159. Одамларни ташиш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:

болаларни юк автомобилларининг юкхонасида;

транспорт воситасининг кабинасидан ташқарида (одам ташиш учун мўлжалланган бортли юк ёки фургон-юк хонали автомобиллар бундан мустасно);

Тракторлар ва бошқа ўзиюрар ускуналар, юк ташиладиган тиркамалар, тиркама-уйча, юк мотоцикллари юкхонасида;

Мотоциклларнинг конструкциясида кўзда тутилган жойларидан ташқарида;

12 ёшга тўлмаган болаларни мотоциклнинг орқа ўриндиғида, шунингдек болаларни ушлаб турувчи махсус қурилма ўрнатилмаган транспорт воситасининг олд ўриндиғида;

одам сони транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўзда тутилган миқдордан ортиқ бўлганда.

Бунда транспорт воситасининг ҳақиқий вазни уни ишлаб чиқарган корхона белгилаган рухсат этилган вазндан ошмаслиги керак.

Предыдущая статья25. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ БОШҚАРИШНИ ЎРГАТИШ
Следующая статья27. ЮК ТАШИШ