25. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ БОШҚАРИШНИ ЎРГАТИШ

0
760

146. Транспорт воситаларини бошқаришни дастлабки ўргатишга ёпиқ майдончаларда ёки автодромларда ўтказилиши керак.


147. Йўлларда транспорт воситаларини бошқаришни ўргатиш фақат амалий бошқарувни ўргатувчи иштирокида дастлабки бошқарув кўникмаларига эга бўлган ўрганувчига рухсат этилади. Ўрганувчи Қоидалар талабларини билиши ва уларга амал қилиши шарт.


148. Транспорт воситасини бошқаришни ўргатаётган вақтда амалий бошқарув ўргатувчисида транспорт воситасини бошқаришни ўргатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат, шунингдек, тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши шарт.


149. Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиши учун ўрганувчи ўқув муддати якунида:

«А» тоифаси учун — 16 ёшга;

«B» ва «C» тоифалари учун — 18 ёшга;

«BE» ва «CE» тоифалари учун — 19 ёшга;

«D» ва «DE» тоифалари ҳамда трамвай ва троллейбуслар учун 21 ёшга тўлган бўлиши керак.


150. Бошқаришни ўргатиш учун мўлжалланган механик транспорт воситалари «Бошқаришни ўргатиш транспорт воситаси» таниқлик белгиси ва ўргатувчи учун улагич (сцепление) ва тормознинг қўшимча тепкилари, орқани кўрсатувчи кўзгу ҳамда ушбу транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишини назорат қилиш имконини берадиган GPS қурилмалари билан жиҳозланиши керак.

(150-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 июлдаги 393-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2022 й., 09/22/393/0654-сон)


151. Бошқаришни ўргатиш йўналишлари ушбу Қоидаларнинг 183-бандига мувофиқ ДЙҲХХ билан келишилиши шарт. Бошқа йўлларда бошқаришни ўргатиш тақиқланади.

Предыдущая статья24. МЕХАНИК ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ШАТАККА ОЛИШ
Следующая статья26. ОДАМ ТАШИШ