ТРAНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ ТАНИҚЛИК БЕЛГИЛАРИ

0
788
«Автопоезд»
Юк автомобиллари ва ғилдиракли трактор (1,4 тонна ва ундан юқори)ларда тиркама бўлганда, шунингдек туташтирилган автобус ва троллейбус кабиналари томининг олд қисми ўртасига бир қатор қилиб 150 дан 300 миллиметргача оралиқда кўндаланг жойлашган учта зарғалдоқ рангли чироқ ёки ичидан ёритиладиган, томонларининг ҳар бири 250 миллиметр бўлган сариқ рангли учбурчак шаклидаги белги;
«Турумланган»
(тишли, шипли) — турумланган шинали механик транспорт воситаларининг орқасида — ичига қора рангда «Т» ҳарфи туширилган, қизил ҳошияли, оқ рангли учи юқорига йўналтирилган тенг томонли учбурчак кўринишида. Учбурчакнинг томонлари 200 миллиметрдан кам бўлмаслиги, ҳошиясининг кенглиги учбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак;
«Болалар гуруҳини ташиш»
Болалар гуруҳини ташкилий ташишда, транспорт воситасининг олд ва орқа томонларига қизил ҳошияли, ичига 1.21 йўл белгисидаги болалар тимсолининг тасвири туширилган, сариқ рангдаги, томонлари тенг бўлган тўртбурчак (квадрат) кўринишидаги белги. Тўртбурчакнинг томонлари 250 — 300 миллиметргача, ҳошиянинг кенглиги тўртбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак;
«Кар ҳайдовчи»
Кар-соқов ёки кар ҳайдовчи бошқараётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонларида — ичига учи пастга йўналган ҳаёлий тенг томонли учбурчакнинг бурчаклари бўйича диаметри 40 миллиметр бўлган учта қора доира туширилган, диаметри 160 миллиметрни ташкил этадиган сариқ рангли доира кўринишида;
«Бошқаришни ўргатиш учун мўлжалланган механик транспорт воситаси»
Бошқаришни ўргатишда фойдаланиладиган транспорт воситаларининг олд ва орқа томонларида — ичига қора рангда «O‘» ҳарфи туширилган, томонлари 200 миллиметрдан 300 миллиметргача бўлган қизил ҳошияли, оқ рангли, учи юқорига йўналган тенг томонли учбурчак кўринишида. Белги ҳошиясининг кенглиги учбурчак томонининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак;
«Тезлик чекланган»
Болалар гуруҳини ташкилий ташишни амалга ошираётган, оғир вазнли, хавфли ва катта ўлчамли юкларни ташиётган, шунингдек, транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўрсатилган энг юқори тезлиги Қоидаларнинг 78, 79 ва 80-бандларида белгиланган тезликдан кам бўлган ҳолларда, механик транспорт воситалари кузови орқа деворининг чап томонига 3.24 — «Юқори тезлик чекланган» йўл белгисининг кичрайтирилган, рангли тасвири туширилган кўринишидаги белги. Белгининг диаметри 160 миллиметрдан кам бўлмаслиги, ҳошиясининг кенглиги белги диаметрининг 1/10 қисмига тенг бўлиши керак;
«Хавфли юк»
Хавфли юкни ташиётган транспорт воситасининг олд ва орқа томонига ўрнатилган ўлчами 690 х 300 миллиметр, ўнг қисми 400 х 300 миллиметр бўлган зарғалдоқ рангли, чап қисми эса юкнинг хавфли хусусиятини билдириб турган белгилар туширилган қора ҳошияли (кенглиги 15 миллиметр) оқ рангдаги тўртбурчак шаклидаги белги (ушбу Қоидаларга 4-илова);
«Катта ўлчамли юк»
Ичига кенглиги 50 миллиметрли, диагонал бўйича навбатма-навбат қизил ва оқ рангли чизиқлар туширилган, ёруғлик қайтарадиган юзали, ўлчами 400 х 400 миллиметрли тўртбурчак шаклидаги белги;
«Узун ўлчамли транспорт воситаси»
Юкли ва юксиз узунлиги 20 метрдан ошадиган транспорт воситасининг, икки ёки ундан кўпроқ тиркамали автопоездларнинг орқасида — кенглиги 40 миллиметр бўлган қизил ҳошияли, ўлчами 1200х200 миллиметр бўлган, сариқ рангли, нур қайтарувчи тўртбурчак шаклидаги белги.
Кўрсатилган ўлчамли белгини жойлаштиришнинг имконияти бўлмаса, бир хил иккита 600х200 миллиметр ўлчамдаги белгини транспорт воситасининг ўқига симметрик равишда ўрнатишга йўл қўйилади;
«Авария сабабли тўхташ»
Давлат стандарти талаблари асосидаги учбурчак шаклидаги белги;
Ҳайдовчининг хоҳишига кўра таниқлик белгилари ўрнатилган бўлиши мумкин:
«Шифокор»
Шифокор-ҳайдовчилар бошқараётган транспорт воситаларининг олд ва орқа томонларида — томонлари 140 миллиметр бўлган, кўк рангли, ичида диаметри 125 миллиметрли оқ доирага баландлиги 90 миллиметр, чизиғининг кенглиги 25 миллиметр бўлган қизил хоч туширилган квадрат кўринишидаги белги;
«Ногиронлиги бўлган шахс»
Биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс бошқараётган, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ёки ногиронлиги бўлган болаларни ташиётган транспорт воситаларининг олд ва орқа томонларида — барча томонлари 150 миллиметрдан бўлган ва ичига 7.17 йўл белгисининг қора рангли тимсоли туширилган сариқ рангли квадрат кўринишидаги белги;
«Ҳайдовчиликни энди бошлаган»
«Ҳайдовчилик малакаси етарли бўлмаган» ҳайдовчилик стажи 2 йилдан кам бўлган ҳайдовчилар бошқараётган механик транспорт воситаларининг (тракторлар, ўзиюрар машиналар ва мотоцикллардан ташқари) орқасида — ичига қора рангли 110 миллиметр баландликдаги «!» белгисининг тасвири туширилган, сариқ рангли, томонлари 150 миллиметр бўлган квадрат кўринишидаги белги.

Ушбу бандда назарда тутилган таниқлик белгилардан бошқа таниқлик белгиларини ўрнатиш, шунингдек, транспорт воситасининг кузови ва ойналарига турли хил ёзувлар киритиш тақиқланади, транспорт воситасининг кузовига реклама мақсадларида белгиланган тартибда ёзувлар киритиш бундан мустасно.

Предыдущая статья26. ТИББИЙ ЁРДАМ ТЎПЛАМИ
Следующая статья1. ТОРМОЗ ТИЗИМЛАРИ