23. ТАШҚИ ЁРИТИШ АСБОБЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

0
848

134. Сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда, шунингдек йўлнинг ёритилганлигидан қатъи назар, туннелларда ҳаракатланаётган транспорт воситасида қуйидаги ёритиш асбоблари ёқилган бўлиши керак:

барча механик транспорт воситаларида ва мопедларда — узоқни ёки яқинни ёритувчи фара чироқлари;

велосипедларда — фара ёки чироқлар (агар мавжуд бўлса);

тиркамаларда ва шатакка олинган механик транспорт воситаларида — габарит фара чироқлари.


135. Қуйидаги ҳолларда узоқни ёритувчи фара чироқлари ўрнига яқинни ёритувчи фара чироқлари ёқилиши керак:

йўл ёритилган бўлса;

қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситасига камида 150 метр масофа қолганда, шунингдек, қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситасининг ҳайдовчиси фара чироқларини вақти-вақти билан ўчириб-ёқиб бунга зарурат борлигини билдирган ҳолларда ундан ҳам кўпроқ масофада;

қарама-қарши ва бир йўналишдаги транспорт воситалари ҳайдовчиларининг кўзини қамаштириши мумкин бўлган бошқа барча ҳолатларда.

Кўзи қамашган ҳайдовчи авария ишораларини ёқиши, ҳаракатланиш бўлагини ўзгартирмасдан тезликни камайтириши ва тўхташи керак.


136. Сутканинг қоронғи вақтида йўлнинг ёритилмаган қисмида, шунингдек, етарлича кўринмайдиган шароитда тўхтаган ёки тўхтаб турган транспорт воситасида габарит фара чироқлари ёқилган бўлиши керак.

Етарлича кўринмайдиган шароитда габарит чироқларига қўшимча равишда яқинни ёритувчи фара чироқлари, туманга қарши фара чироқлари ва туманга қарши орқа фара чироқлари ёқилиши мумкин.


137. Қуйидаги ҳолларда туманга қарши фара чироқларидан фойдаланиш мумкин:

етарлича кўринмайдиган шароитда алоҳида, шунингдек, узоқни ёритувчи ёки яқинни ёритувчи фара чироқлари билан;

сутканинг қоронғи вақтида йўлнинг ёритилмаган қисмларида узоқни ёки яқинни ёритувчи фара чироқлари билан бирга;

ушбу Қоидаларнинг 138-бандида кўзда тутилган ҳолатларда яқинни ёритувчи фара чироқлари ўрнига.


138. Сутканинг ёруғ вақтида қуйидаги ҳолларда яқинни ёритувчи фара чироқлари ёқилиши керак:

транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда;

йўловчиларни ташиётган автобуслар ва йўналишли транспорт воситаларида;

болалар гуруҳини ташкилий ташишда;

хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;

механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида);

кучли ёғингарчилик (ёмғир, қор) шароитида;

мотоцикл ва мопедларда.


139. Конструкциясида прожектор-фара чироқлари ва изловчи-фара чироқлари бўлган транспорт воситаларидан қуйидаги ҳолларда фойдаланиш мумкин:

аҳоли пунктларидан ташқарида;

қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари бўлмаганда.

Аҳоли пунктларида эса бундай фара чироқларидан фойдаланишга фақат ушбу Қоидаларнинг 25 ва 28-бандларида кўзда тутилган транспорт воситалари ҳайдовчиларига рухсат этилади.


140. Туманга қарши орқа фара чироқларини фақат етарлича кўринмайдиган шароитда қўллаш мумкин. Туманга қарши орқа фара чироқларини тўхташ фара чироқлари (стоп-сигнал)га улаш тақиқланади.


141. «Автопоезд» таниқлик белгиси автопоезд ҳаракатланаётганда, шунингдек, сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда йўлда тўхташ ва тўхтаб туриш пайтида ҳам ёқиб қўйилиши керак.

Предыдущая статья22. ЙЎНАЛИШЛИ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ ИМТИЁЗЛАРИ
Следующая статья24. МЕХАНИК ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ШАТАККА ОЛИШ