7. ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИ КОНСТРУКЦИЯСИНИНГ БОШҚА ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИ

0
557

7.1. Орқа томонни кўрсатувчи кўзгулар сони, жойлашуви ва тури белгиланган талабларга мос келмаса, транспорт воситасининг конструкциясида кўзда тутилган ойналари бўлмаса.


7.2. Товушли ишора ишламаса.


7.3. Ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўринишини чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ва қопламалар туширилган бўлса.

Транспорт воситаси салонидаги ва икки ёнидаги орқа томонни кўриш кўзгусига кўринишини чеклайдиган буюм, нарса ёки жиҳозлар тақилган бўлса.


7.4. Барча транспорт воситасининг олд, ён ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлса, автомобиль томидаги люк ойнаси, шунингдек, рухсатнома асосида туси ўзгартирилган (қорайтирилган) автотранспорт воситаларининг ойналари бундан мустасно.

Изоҳ. III класс М3 тоифадаги автотранспорт воситаларининг орқа ва ён ойналарига пардалар, икки ёнга орқа томонни кўриш учун ташқи кўзгуси мавжуд бўлган барча тоифадаги автотранспорт воситалари орқа ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартиришга (қорайтиришга), шунингдек, ушбу орқа ойналарга парда (чий парда, дарпарда) ўрнатишга рухсат берилади.


7.5. Конструкциясида кўзда тутилган юкхона ёки кабина эшикларининг қулфлари, юк платформаси бортларининг ёпқичлари, цистерналар оғзининг қулфлари ва ёнилғи идишининг қопқоқлари, ҳайдовчи ўриндиғи ҳолатини созловчи қурилма, автобусда фалокат юз берган вақтида эшикларни очиш мосламаси ва тўхтатиш талаби ишораси, автобус салонини ёритиш асбоблари, фалокат юз берган вақтда чиқиш жойлари ва уларни ҳаракатга келтирувчи мосламалари, эшикларни очиш ва ёпиш қурилмалари, спидометр, тахограф, ойналарни иситувчи ва шамоллатувчи мосламалари ва ҳайдаб олиб қочишга қарши мосламалари ишламайди.


7.6. Спидометр қурилмаси носоз ва тамғаланмаган (шахсий транспорт воситалари, мотоцикл ва мопедлардан ташқари) бўлса.


7.7. Транспорт воситаси конструкциясида кўзда тутилган орқа ҳимоя воситаси, лой тўсгичлар бўлмаса.


7.8. Ишлаб чиқарган корхона томонидан кўзда тутилмаган антенна, сирена, рация, товуш чиқариш мосламалари, ёритгичлар, конструкциясида кўзда тутилмаган ностандарт юкхоналар ва бошқалар белгиланмаган жойда ва тегишли рухсатсиз ўрнатилса.


7.9. Тиркама бўғимининг тортиш-тиркаш ёки таянч-тиркаш мосламаси носоз ҳамда конструкциясида кўзда тутилган эҳтиёт пўлат арқон (занжир) йўқ ёки носоз бўлса. Мотоцикл рамаси билан ён тиркама рамаси маҳкамланган жойда люфт бўлса.


7.10. Транспорт воситалари қуйидагилар билан жиҳозланмаган бўлса:

М2, М3 тоифадаги — фавқулодда ҳолатларда ойнани синдириш учун фойдаланиладиган болғача, тиббиёт қутичаси, 2 та ўт ўчиргич (биттаси ҳайдовчининг кабинасида, иккинчиси — йўловчилар салонида), мажбурий тўхтаганини билдирувчи белги (ёки милтилловчи қизил чироқ) ва нур қайтаргичли камзул (жилет);

М1, N1, N2, N3 тоифадаги, микроавтобус ва ғилдиракли тракторларда тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганлигини билдирувчи белги (ёки милтилловчи қизил чироқ) ва нур қайтаргичли камзул (жилет);

М3, N2, N3 тоифадаги — ўзи юриб кетишидан сақловчи, ғилдирак диаметрига мувофиқ (камида иккита) тиргак;

О тоифадаги, тракторлар, аравалар ва бошқа ўзиюрар машиналарда — ташқи нур қайтаргичлар;

кажавали мотоциклларда — тиббиёт қутичаси, мажбурий тўхтаганлигини билдирувчи белги.


7.11. Мотоциклларда конструкциясида кўзда тутилган хавфсизлик ёйи (дуга) бўлмаса.


7.12. Мотоцикл ва мопедларда конструкциясида кўзда тутилган оёқ тирагич, эгарида йўловчи учун кўндаланг тутқич бўлмаса.


7.13. Конструкциясида кўзда тутилган хавфсизлик камарлари ва ўриндиқларнинг бош суянчиқлари бўлмаса.


7.14. Хавфсизлик камарлари ишга яроқсиз ёки тасмасида кўринадиган йиртиқликлар мавжуд бўлса.


7.15. Транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари ёки уларни ўрнатиш усули белгиланган талабларга жавоб бермаса.

Транспорт воситасида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини кўринишини чеклайдиган, тўғри аниқланишига халақит берадиган ҳар-хил буюмлар ўрнатилган ва қопламалар билан қопланган бўлса.


7.16. Ярим тиркамада таянч мосламаси, таянчларни транспорт ҳолатида қулфловчи мослама, таянчларни кўтариш ва тушириш мосламаси йўқ ёки носоз.


7.17. Эҳтиёт (захира) ғилдиракни ушлаб тургич, лебёдка ва эҳтиёт ғилдиракни кўтариш — тушириш қурилмаси ишламаса. Лебёдканинг храпли қурилмаси барабанни маҳкамлаш канати билан қулфланмаётган бўлса.


7.18. Двигатель, узатмалар қутиси, редукторлар, орқа кўприк, илашиш (сцепление) механизми, аккумулятор батареяси, совитиш ва кондиционер тизимлари ва транспорт воситасига қўшимча ўрнатиладиган гидравлик қурилмаларнинг (мосламаларнинг) бирикмалари ва зичлагичларининг зичлиги бузилган бўлса.


7.19. Газли таъминлаш тизими билан жиҳозланган автобус ва автомобиль газ баллонларининг ташқи томонида кўрсатилган техник кўрсатгичлар техник паспортдаги маълумотларга мос келмаса, охирги ва режалаштирилаётган текширувларнинг санаси бўлмаса.


7.20. Транспорт воситаларининг ташқи юзасига қонунчилик ҳужжатларига мос келмайдиган, ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи турли хил тасвирлар туширилган, ойналарига (люкдан ташқари) реклама чизилган (қопланган) бўлса.

Ишлаб чиқарувчи корхона томонидан кўзда тутилмаган ҳолларда кузов (кабина) бир неча хил рангга бўялган, плёнка ёпиштирилган ёки ранги, туси ўзгартирилган бўлса (махсус транспорт воситалари бундан мустасно).


7.21. Транспорт воситалари ўзбошимчалик билан ялт-ялт этувчи маёқча ва (ёки) махсус товушли ишоралар билан жиҳозланган бўлса, ёхуд транспорт воситасининг ташқи юзасида белгиланган талабларга мос келмайдиган махсус рангли бўёқ схемалар, ёзувлар ва белгилар бўлса.


7.22. ДЙХХХ органларининг рухсатисиз транспорт воситаларининг конструкциясига ўзгартиришлар киритилган бўлса.

Транспорт воситаларига бошқа турдаги молдинглар, ғилдирак қопқоқлари ўрнатилишига, шунингдек, ишлаб чиқарилиши тўхтатилган автомобилларга бошқа турдаги ва русумдаги транспорт воситаларининг буферларини ўрнатишга рухсат этилади.

Ушбу иловада Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги 191-сон қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентда белгиланган автотранспорт воситаларини таснифи (классификацияси) келтирилган:

М тоифаси — камида тўрт ғилдиракка эга бўлган ва йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган механик транспорт воситалари, шу жумладан:

М1 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари.

М2 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ ва энг катта вазни 5 т гача бўлган автотранспорт воситалари.

М3 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ ва энг катта вазни 5 т дан кўп бўлган автотранспорт воситалари.

М2 ва М3 тоифалардаги автотранспорт воситалари қуйидаги классларга мансуб:

а) уч классдан (I, II, III) биттасига ёки бир нечтасига;

б) икки классдан (А, В) биттасига.

I класс — йўловчилар салонда бемалол юриши мақсадида конструкциясида туриб кетадиган йўловчилар учун жойлар кўзда тутилган автотранспорт воситалари.

II класс — конструкцияси асосан ўтириб кетадиган йўловчилар учун мўлжалланган ва қаторлар орасида ва (ёки) иккита бирлашган ўриндиқ учун ажратилган жой чегарасидан чиқмасдан жойлашиб, туриб кетадиган йўловчиларни ҳам ташиш кўзда тутилган автотранспорт воситалари.

III класс — конструкцияси фақат ўтириб кетадиган йўловчилар учун мўлжалланган автотранспорт воситалари.

А класс — туриб кетадиган йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари; бу классдаги транспорт воситалари ўриндиқлар билан жиҳозланган ва уларда туриб кетадиган йўловчиларни ташиш кўзда тутилган.

В класс — туриб кетадиган йўловчиларни ташиш учун мўлжалланмаган автотранспорт воситалари.

Микроавтобуслар: йўловчилар ташиш учун мўлжалланган, ҳайдовчидан ташқари 16 тагача ўтирадиган йўловчи учун жой бўлган В классдаги автотранспорт воситаси.

N1 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари.

N2 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ортиқ, лекин 12 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари.

N3 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 12 т дан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари.

О тоифаси — тиркамалар (ярим тиркамалар ҳам).

О1 тоифаси — энг катта вазни 0,75 т дан ошмайдиган тиркамалар.

О2 тоифаси — энг катта вазни 0,75 т дан ортиқ, лекин 3,5 т дан ошмайдиган тиркамалар.

О3 тоифаси — энг катта вазни 3,5 т дан ортиқ, лекин 10 т дан ошмайдиган тиркамалар.

О4 тоифаси — энг катта вазни 10 т дан ортиқ бўлган тиркамалар.

Предыдущая статья6. ДВИГАТЕЛ
Следующая статья1. Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида